ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИКДА ЯНГИ ҚАДАМ

Ўзбекистон ва Қирғизистон аёл судьялари ассоциациялари ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди

ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИКДА ЯНГИ ҚАДАМ

Жорий йилнинг 7–8 август кунлари Ўзбекистон аёл судьялари ассоциацияси ижрочи директори Гульнора Ахунованинг Қирғиз Республикасига ташрифи амалга оширилди. Бундан кўзланган мақсад қардош мамлакатнинг аёл судьялари ассоциацияси фаолияти билан яқиндан танишиш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишдан иборат бўлди.

Ташриф давомида Қирғиз Республикаси Конституциявий суди судьяси Чинара Айдарбекова, Қирғиз Республикаси аёл судьялари ассоциацияси раиси Гульнара Дуйшенбекова ҳамда Ассоциация ижрочи директори Зульфия Турумбекова билан учрашувлар ўтказилди.

Шунингдек, ташриф доирасида ЕХҲТнинг Қирғизистондаги вакили Султан Баймендиев ва Ассоциация экспертлари билан мулоқот ўтказилиб, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда истиқболдаги қўшма ташаббуслар юзасидан фикр алмашилди.

Ташрифнинг муҳим натижаларидан бири — Ўзбекистон аёл судьялари ассоциацияси ҳамда Қирғиз Республикаси аёл судьялари ассоциацияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланиши бўлди.

Ҳужжат Ўзбекистон аёл судьялари ассоциацияси номидан Ассоциация ижрочи директори Гульнора Ахунова, Қирғиз Республикаси аёл судьялари ассоциацияси номидан эса ижрочи директор Зульфия Турумбекова томонидан имзоланди.

Мазкур меморандум икки мамлакат аёл судьялари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, илғор тажрибалар алмашиш, қўшма таълим ва илмий-маърифий тадбирларни ташкил этиш, аёл судьяларнинг касбий салоҳиятини оширишга қаратилган лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш ҳамда халқаро алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.