Зўравонликка қарши кураш: давра суҳбатида амалий таклифлар илгари сурилди

Олий судда Ўзбекистон аёл судьялари ассоциацияси иштирокида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Зўравонликка қарши кураш: давра суҳбатида амалий таклифлар илгари сурилди

Унда таъкидланганидек, оилада ва жамиятда хотин-қизларнинг осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш — нафақат жабрланувчиларни ҳимоя қилиш, балки тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, уни келтириб чиқараётган омилларни бартараф этиш ҳамда зўравонлик содир этган шахсларнинг хулқ-атворини ўзгартиришни ҳам талаб этади.

Шу боис тадбир хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этган шахсларнинг хулқ-атворини ўзгартириш, уларни тузатиш дастурларидан ўтказиш тартибини такомиллаштириш, шунингдек, ҳимоя ордерини қўллаш самарадорлигини ошириш масалаларига қаратилди.

Муҳокамалар давомида:

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларнинг ҳуқуқий ҳимояси ва қонуний кафолатлари, жабрланувчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларга зарур ёрдам кўрсатиш тизими, зўравонлик оқибатида хотин-қизларнинг руҳий ҳолатида юзага келадиган ўзгаришлар билан тизимли ишлаш, ҳимоя ордерларининг амал қилиш муддатини узайтириш билан боғлиқ суд амалиёти, зўравонлик содир этган шахсларнинг хулқ-атворини ўзгартириш ҳамда уларни тузатиш дастурларидан ўтказиш тартибини такомиллаштириш каби мавзулар эътибор марказида бўлди.

Тадбирда билдирилган таклиф ва тавсиялар суд амалиётини такомиллаштириш, профилактика чораларини кучайтириш ҳамда хотин-қизлар учун янада хавфсиз муҳит яратишга қаратилган амалий қадамлар сифатида муҳим аҳамият касб этади.