ХАЛҚАРО ДАВРА СУҲБАТИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Олий судида БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) ва Ўзбекистон аёл судьялари ассоциацияси ҳамкорлигида одил судлов тизимида хотин-қизлар ўрнини мустаҳкамлашга бағишланган халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.

ХАЛҚАРО ДАВРА СУҲБАТИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Робахон Махмудова, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабине Махл хоним, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фуджии хоним, Ўзбекистон аёл судьялари ассоциацияси аъзолари бўлган судьялар, нуфузли давлат органлари, фуқаролик жамияти ташкилотлари, халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижий судьялар ва экспертлар ҳамда Ўзбекистондаги хорижий элчихоналар вакиллари иштирок этди.

Мазкур мулоқот Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлар суд тизими вакиллари, шунингдек, халқаро ривожланиш бўйича ҳамкор ташкилотлар учун фикр алмашиш, институционал механизмларни мустаҳкамлаш ҳамда мамлакатимизда янада инклюзив ва адолатли суд тизимини барпо этишга қаратилган муҳим кўп томонлама платформа бўлиб хизмат қилди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада очиқ, адолатли ва инсон манфаатларига хизмат қиладиган тизимга айлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири суд тизимида хотин-қизларнинг иштирокини кенгайтириш ҳисобланади.

Мутахассислар фикрича, мазкур ташаббус нафақат суд тизимида гендер тенглигини таъминлаш, балки жамиятнинг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.

Бугунги кунда мамлакатимизда фаолият юритаётган 1 625 нафар судьянинг 260 нафари аёллар бўлиб, улар умумий судьялар сонининг 15,7 фоизини ташкил этади. Бу кўрсаткич сўнгги йилларда ўсиш тенденциясига эга бўлса-да, халқаро тавсиялар ва ривожланган давлатлар тажрибаси билан солиштирганда ҳали ҳам етарли эмаслиги қайд этилди.

Шу боис жорий йилнинг 5 март куни ташкил этилган Ўзбекистон аёл судьялари ассоциацияси мамлакатимизда суд тизимида фаолият юритаётган хотин-қизларнинг касбий ривожланишини қўллаб-қувватлаш, халқаро тажрибани оммалаштириш ҳамда келгусида судьялар таркибида аёллар улушини камида 30 фоизга етказиш бўйича белгиланган мақсадларга эришишда муҳим институт бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.

Шунингдек, тадбир давомида Ўзбекистон аёл судьялари ассоциацияси мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларнинг судларга мурожаат қилиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган виртуал ташаббус тақдимотини ўтказди.

Давра суҳбати иштирокчилари мазкур ташаббусни, шунингдек, суд мустақиллиги, аёл судьяларнинг етакчилик ўрни, рақамли трансформация жараёнлари ҳамда одил судловни янада такомиллаштириш масалаларини қизғин муҳокама қилдилар.

Қайд этилганидек, бундай мулоқот майдонлари халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, миллий ҳуқуқий анъаналар ва қонунчилик тизимини бойитиш, илғор халқаро тажрибаларни мамлакатимиз эҳтиёжларига мослаштиришга хизмат қилади. Бу каби мулоқотлар Ўзбекистон суд тизимининг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш билан бирга, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Аёл судьяларимиз бу халқаро анжуманда фаол иштирок этиб, суд амалиётларидаги тажриба негизида халқаро экспертлар эътиборига бир неча долзарб таклифларни киритишди.