Ўзбекистон аёл судьялари ассоциацияси ҳақидаги мақола халқаро миқёсда эълон қилинди

Ўзбекистон аёл судьялари ассоциацияси фаолияти, унинг ташкил топиш тарихи, мақсад ва вазифалари, амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда келгуси режалари борасидаги мақола Халқаро аёл судьялари ассоциацияси (IAWJ)нинг расмий сайтида эълон қилинди.

Ўзбекистон аёл судьялари ассоциацияси ҳақидаги мақола халқаро миқёсда эълон қилинди

Мақолада Ўзбекистон аёл судьялари ассоциациясининг ташкил этилиши, бугунги кунда мамлакатимиз бўйлаб 250 нафардан ортиқ аёл судьяларни бирлаштиргани ҳамда судья аёлларнинг профессионал ҳамжамияти сифатида изчил ривожланаётгани қайд этилган.

Шунингдек, Ассоциациянинг:

Аёл судьяларни бирлаштириш, уларнинг касбий ва лидерлик салоҳиятини ривожлантириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга кўмаклашиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, судьялар ўртасида менторлик ва тажриба алмашинувини йўлга қўйиш, миллий ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги мақсад ва ташаббуслари кенг ёритилган.

Мақолада, шунингдек, Ассоциация томонидан амалга оширилаётган «Ишонч» рақамли платформаси, «Оилавий зўравонликка йўқ!» лойиҳаси, судьяларнинг касбий ривожланиши, лидерлик, психологик барқарорлик ва стрессни бошқаришга қаратилган ташаббуслар ҳақида ҳам маълумот берилган.

Ўзбекистон аёл судьялари ассоциацияси учун Халқаро аёл судьялари ассоциацияси — дунё мамлакатларидаги ҳамкасблар билан тажриба алмашиш, халқаро мулоқотни ривожлантириш ва янги ҳамкорлик имкониятларини кенгайтириш учун муҳим майдондир.

Ассоциациямиз ҳақидаги мақоланинг Халқаро аёл судьялари ассоциациясининг расмий сайтида эълон қилиниши — Ўзбекистон аёл судьяларининг фаолияти ва ташаббусларини халқаро ҳамжамиятга кенгроқ танитиш йўлидаги муҳим қадамдир.